Олий лиганинг 15-турида Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоаси “Бухоро”ни қабул қилди ва 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради. Ўйиндан сўнг “Бухоро” бош мураббийи Улуғбек Бақоев матбуот анжуманида қатнашди.


— Авваламбор барча юртдошларимизни Рамазон ҳайити билан табриклайман.  Юртимиз тинч, ватанимиз ва футболимиз бунданда ривожланишига тилакдошман.

Ўйин жуда асабий ва оғир ўтди. Бугун очиқ футбол намойиш этдик. Ғалаба қозонишимиз, мағлубиятга учрашимиз ва дуранг  ҳам қайд этишимиз мумкин эди. Йигитларга раҳмат айтаман. Улар бугун майдонда ўз характерини ва иродасини кўрсатишди. Натижада ғалаба қозондик.

— Иккинчи даврада “Бухоро”жамоаси кучайтириладими?

— Бир нечта футболчилар билан музокаралар олиб бораяпмиз. Жамоа таркиби кучли футболчилар билан тўлдирилиши кутилмоқда. Таркибимиз кучаяди. Айрим позицияларда муаммоларимиз бор. “Сўғдиёна” жамоасига келгуси ўйинларига омад тиламоқчиман.

— “Бухоро”нинг бугунги ўйинларида хужумда аниқлик етишмади?

— Бу менимча футболчиларнинг психологик томонидан деб ўйлайман. Ҳар бир футболчи гол ургиси келади. Футболда муҳими натижа ва биз бунга эришдик. Шаҳримизни, жамоамизни ва мухлислармизни ғалаба билан табриклайман.

“Сўғдиёна” матбуот хизмати